Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 5 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Фармон ва ижро

×

 2020-08-13 15:32:46    689

PDF yuklash
Chop etish


МУҲИМ ҚАДАМ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлақонли таъминлашга қаратилган бўлиб, ҳар бир соҳа чуқур ўрганилиб, мавжуд хато ва камчиликлар батафсил мулоҳаза ва мушоҳадалар асосида қайта кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 августда имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳам ана шундай чуқур ўрганишларнинг натижаси бўлди, дейиш мумкин.

Суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек, қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигидан далолат бераётгани мазкур фармон қабул қилинишини кун тартибига олиб чиққан масала бўлди.

Фармонда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг бир қатор асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра:

шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;

шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;

жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;

жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.

Бундан ташқари Фармонда:

тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;

шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;

айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш;

жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;

ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш каби муҳим ўз аксини топган.

Фармон билан жиноят ишларини судда кўриш билан боғлиқ фаолият ҳам янада такомиллаштирилмоқда. Бунда судларга жиноят иши доирасида кенг имкониятлар яратилиб, авваллари судлар учун муаммо туғдириб келган бир қатор камчиликлар бартараф этилмоқда. Унга кўра:

агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш;

судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатиш.

Шунингдек Фармонда терговга гумон қилинувчи, айбланувчи ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳам ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Масалан:

қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш. Бунда, тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкин;

шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;

ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш (улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд ҳоллар бундан мустасно) шулар жумласидандир.

Фармонда, шунингдек, мутахасисларни замонавий эксперт-криминалистик жиҳозлар билан таъминлаш, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов хибсхоналарини видеоконференц алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш, замонавий тергов хоналари ва адвокатлар билан учрашув хоналарини ташкил этиш, терговчи ва суриштирувчиларни видеоқайд этиш, стенография ускуналари билан таъминлаш ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Бегзод ҲАЙДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ