Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


КЕЛАЖАКНИ ЎЗ ҚЎЛЛАРИ БИЛАН ЯРАТМОҚДАЛАР

×

 2020-07-22 16:31:49    893

PDF yuklash
Chop etish


Президентимиз пандемия шароитида аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашни жойлардаги раҳбарлар олдига биринчи галдаги вазифа этиб белгилаганди. Ана шу мақсадда туманимизда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, шу орқали рўзғори, оиласига барака киритиш учун уларга 20 сотиҳдан ер берилиб, баҳорда ёнғоқзор, ўрикзор боғлар барпо қилинди.

Эрта баҳор. Ёшлар боғини барпо этилиши пайтида суратга олинган.

Ниҳоллар тагига эса қовун-тарвуз, ловия кабилар экилди. Бугун полиз экинлари пишиб етилиб, ёшлар деҳқончилигига барака кира бошлади.

 Биз ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Умиджон Деҳқонов билан ёшларнинг яратувчанлик ишларини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида “Ёзёвон ёш ниҳол” МЧЖда бўлдик. Ёш деҳқонлар саркори Муҳаммадюсуф Эгамбердиев полизда пишиб етилган тарвузларни узиб пайкал бошига ташиш билан банд экан. “Ҳорма-бор бўл”дан кейин саркор бизни бир тиликдан тарвуз билан сийлагач, қовунпоя, тарвузпояларни айланиб юриб суҳбатимиз ҳам қизиди.

 — Шу 7 гектар ерда боғ яратиш иштиёқи бўлган 35 нафар ёш деҳқонга 20 сотиҳдан бўлиб берилган, — дейди Муҳаммадюсуф. — Мана шу ерга 3500 тупдан зиёд эртапишар ёнғоқ, 300 тўп ўрик кўчатлари эккандик. Баҳорда кўчатлар тагига яхши ният билан 2 гектарига қовун, 4 гектарига тарвуз уруғларини эккандик, бугун пишиб етилди. Ёшларимиз орасида биринчи бўлиб Достонбек Убайдуллаев тарвузнинг илк ҳосилидан 3 миллион сўмга яқин даромад қилди. Бу ҳали бошланиши.

 Муҳаммадюсуфнинг укаси Иброҳимжон ҳам меҳнати самарасидан мамнун. Дастлабки ҳосилдан 3 миллион сўм даромадни кўзлаяпти.

 Такалик, Гулистон маҳаллалари ҳудудлари бўйлаб юриб Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган “Ёзёвон ёшлар боғи” МЧЖда тўхтадик. Бу ерда 28 гектар ерга ёнғоқ ниҳолларининг эртапишар  “Королевский” нави экилган. Кўчатлар орасига экилган қовун-тарвузлар пишиб етилган палла.

 — Тарвуз-қовунларимиз роса пишди, —дейди ёш деҳқонлардан Жасурбек Тўхтасинов. — Орамизда биринчи бўлиб Жўрабек Худобердиев 8 миллион сўмлик тарвуз сотди. Мен ҳам даромадни 10 миллион сўмга етказишни кўзлаб турибман. Пандемия шароитида етиштирган маҳсулотларимизни сотиш қийин бўлиб турибди. Лекин имкон қидириб, топяпмиз.

 — Ёшларимизнинг меҳнатга чанқоқлиги ҳозирги жараёнлардан ҳам маълум бўлиб турибди, — дейди туман ёшлари етакчиси.

— Меҳнатлари самарасидан ўзлари ҳам қувоняпти. Яна икки йилдан сўнг ёнғоқ кўчатлари мевага кирса, аввалги барча қийинчиликлар унут бўлиб кетади. Ҳозирда яна бир катта ишни бошлаш арафасидамиз. Туман ҳокими ёшларимиз учун Янгибўстон қишлоғи ҳудудидан 10 гектар ер ажратмоқчи. Бу жойда лимон етиштириш учун иссиқхоналар қурилади. Иссиқхона қурмоқчи бўлганларга имкониятлар яратиб берамиз. Биз ёзёвонлик ёшларга ишонамиз, улар ўзи, оиласи, қолаверса, Ўзбекистонимизнинг келажагини ярата оладилар.

Исҳоқжон КАРИМОВ,

Раҳматилло ШОДМОНОВ.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ