Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Огоҳ бўлайлик!
2020-07-22 10:38:16 817
ИБРАТ ВА ҲИКМАТ
Ҳамон синовдамиз. Юртимизда карантин тартиби давом этмоқда. Қоидалар барчага баробар, аммо ҳар ким ҳар хил риоя қилаётгани бор гап. Атрофимизга кенгроқ назар ташласак, озгина лоқайдлигимиз сабаб кўнгилсиз ҳодисалар юз бераётгани, кўринмас балонинг тезроқ давф бўлишига тўсқинлик қилаётганини кўрамиз.
Куни-кеча зарурат юзасидан маҳалламиз марказидаги дорихонага чиқдим. Дорихонанинг ёнида ёши қирқлардан ошган жияним қурувчи шериклари билан янги бино қуриш учун ер майдонини текислашаётган эканлар. Узоқдан мени кўриб, шошилиб кўришиш учун олдимга кела бошлади. Орадаги масофа беш-олти қадам қолганида: “Ҳорманглар йигитлар”, – дедиму жиянимга қўлим билан ишора қилдим: – “Аҳмадали, тўхта, ўша жойдан сўрашамиз, карантин”, дея жойида қолишга мажбур қилдим. Анчадан буён кўришмаган эдик, шахд билан яқинлашаётган жиянимнинг ранги ўзгариб, шерикларининг олдида изза бўлгани шундоқ юз-кўзидан кўриниб қолди.
Орадаги ноқулай вазиятга барҳам бериш учун бирозгина изоҳ бердим:
– “Аҳмадали, мен иш билан доим кўчадаман. Сизлар маҳалладан ташқарига чиққанларингиз йўқ. Шунинг учун ҳаммангизни эҳтиёт қиляпман. Мендан ҳафа бўлмагин. Ҳали шундай кунлар келадики, Худо хоҳласа, бағримга босаман сени. Сендан ҳам илтимос, карантин қоидаларига риоя қилгин.
Жияним: “Холажон, сизни яхши биламизку, доим бизни ўйлайсиз,” деди жилмайиб. Масофадан туриб ҳол-аҳвол сўрашдик, лекин хижолатда эдим. Дорихонада ишим битди, кетаяпману тўғри қилдимми, кўнглига озор бериб қўймадимми, деган саволлар гирдобида қолдим.
Хаёлимини телефон қўнғироғи бўлиб юборди. Бир қадрдоним экан, у ҳаяжон билан сўзларди: “Опажон, мени Худо сақлади. Тўрт кун олдин бир дугонам билан фавқулодда кўчада учрашиб қолдик. Мени кўрибоқ қучоқ очиб кўришгани кела бошлади. Доим апоқ-чапоқ бўлиб кўришардик. Лекин ҳозирги вазиятда... Шошилиб қўлимни кўксимга қўйиб, орадаги масофани сақлаган ҳолда: “Дугонажоним, тўхтанг, карантин қоидаларига риоя қилайлик”, дедим. У эса ранжиган бўлиб, “намунча ваҳима қилмасанг”, деди-ю жиддий айтаётганимни тушуниб яқинлашмади. Бугун эса қўшнилари ўша дугонамнинг коронавирусга чалиниб қолганини, оиласи, яқинлари карантинга олинганини айтишди. Ўша куни кўнглига қараб кўришганимда нима бўларди?! Худодан айланай, орамиздаги масофа ҳам узоқ эди”.
Аёлнинг сўзларидан кейин кўнглимдаги тугун ечилгандек бўлди. Демак, мен тўғри қилдим!
Аҳмадали, ўзимнинг беозор, меҳрибон жигарим, ўйлайманки, холангдан хафа эмассан. Бугун юртдошларимизнинг, оиламизнинг саломатлиги сену бизнинг ҳатти-ҳаракатимизга, қоидалар моҳиятини қанчалар идрок этишимизга боғлиқ. Бу кунлар албатта ўтиб кетади, ҳозирча сабр қилайлик. Кўрган-эшитганларимиздан ибрат ва ҳикмат олиш эса ҳар бирмизнинг ўзимизга боғлиқ.