Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Депутат минбари
2020-07-07 15:50:57 881
ЁШЛАРИМИЗ-УМИДЛИ КЕЛАЖАГИМИЗ
Кечагина нишонланган Ёшлар кунидан илҳомланиб, қуйидагиларни қоғозга тушурдим.
Катталардан бот-бот қуйидагича гап-сўзларни эшитиб қоламиз: "Ҳозирги ёшлар ишёқмас, дангаса, қулоқсиз. Ҳаётга лоқайд, бепарво қарашади... Биз ёшлигимизда унақа эмасдик ...".
Узоққа бормайликда, ўзим яшайдиган қишлоқдаги ёшлар бугун нима юмушлар билан банд, уларнинг ўй-хаёллари, орзу-интилишлари қандай, шулар ҳақида айтиб ўтсам...
Шаҳарда, айниқса пойтахтда сал бошқачароқ бўлиши мумкин, аммо биз томонларда ёшлар ҳам худди катталардай барвақт уйғонишади. Улардан бир гуруҳи қурилиш ва бунёдкорлик ишларига астойдил бел боғлаганлардан бўлиб, ҳозиргача анча-мунча янги қурилишлар, замонавий бино ҳамда уй-жойларни қуришга муваффақ бўлишди. Яна бошқа ёш ўғил-қизлар эса илм-фан борасида ўқиб изланмоқдалар. Дарвоқе, қишлоғимиз аҳолиси асосан билингивистлар-яъни кўп тилни билувчилар сирасига кирадилар.Замон талаби бўлган хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш уларнинг аксариятини ўзимизда ташкил этилган турли хил фан тўгараклари ва ўқув курслари томон етаклаб, натижалари ҳам салмоқли бўлмокда. Шуниси қувонарли-ки, инглиз тилини ҳам пухта эгаллаган тенгдошимиз ўзбек, форс, рус тилларидан сўнг тўртинчи тилда ҳам бемалол гапира олаётган замонавий ёшлар сирасига киради. Худди шунингдек,спорт соҳасидаги ютуқларимиз ҳам қувонарлидир. Ўзим ҳам вилоят миқёсида ўтказилган теннис мусобақаларида бир неча маротаба совриндор бўлганман. Мусиқа, тасвирий санъат, адабий ижод соҳасида изланаётганлар қаторида фермер хўжаликларини бошқараётган, ипак қурти парваришлаб, пилла етиштирган, техника жиловини тутиб, пахта қатор ораларига ишлов бераётган, мева-чева ва полиз махсулотлари етиштираётганлар ҳам бор.
Мисол учун, эндигина 25 ёшни қаршилаган Шерзодбек Марайимов фермер хўжалиги пахта далаларида техника хизмати кўрсатмоқда. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Алишер Исмоилов 27 ёшда. У туман ҳокимининг ёшлар билан ўтказган учрашувида футбол ўйнаш учун сунъий майдон қурмоқчи эканлигини билдирди. Ёш спортчининг бу ташаббуси туманимиз раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Аммо бутун башарият ҳаётида бўлгани каби бизнинг туманимизга ҳам хавф солиб кириб келган коронавирус пандемияси карантини эълон қилингач , ёш ўқитувчи On-Line усулида дарс ўтиш билан бир қаторда 10 сотихлик ҳовлисини кўчатчиликка айлантириб, у ерда қимматбаҳо ёғоч манбаи бўлган –дунёда "энг тез усувчи" деб эътироф этилаётган павлония дарахти парваришини бошлади.
Яна бир туркум ёшларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кластер ва фермерларга мадад беришса, бошқалари халқ хўжалигининг турли жабҳаларида хизмат қилмоқдалар-ки, бундан фақат қувонасан холос, киши.
Мен Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг “Ёшларнинг ҳам ўз парламенти бўлади....” деган сўзларидан руҳланиб, туман кенгашига сайлаган депутат сифатида давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини қўллаб-қувватлаб, шу йўлда бор куч-ғайратимни аямайман. Зеро бугунги ёшлар жанг майдонларида партизанлар ҳаракати иштирокчилари бўлмасалар-да, ёҳуд собиқ иттифоқ даврларидагидек янги йил эшик мўралаб қолгунигача ҳам қўллари совуқдан қотиб, пахта майдонларида изғиб юришга эмас, балки бизларга дастуриламал қилиб белгилаб берилган 5 ташаббус борасида доимо собитқадам ва илғор фикрли кишилар бўлиб, жамиятни гуллаб-яшнатишга ва бу йўлда буюк ишларни қилишга қодир ишончли куч бўлиб қоламиз.
Саддамбек СУБХОНОВ,
26-мактаб Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, туман Кенгаши депутати.