Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳоким ва ёшлар
2020-06-29 13:03:07 977
ИМКОНИЯТ ЗЎР БЎЛДИ
30 июнь – “Ёшлар куни” арафасида туман ҳокими Й.Бойигитов бошлиқ сектор раҳбарлари битирувчи ёшлар вакиллари билан учрашди.
–Президентимиз ташаббуслари билан Республикамизда бугунги кунда ёшларга жуда катта имконият ва шарт-шароитлар яратилиб келинмоқда, –деди туман ҳокими учрашувда. – Ҳусусан, муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида вилоятимиз ёшлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Жумладан Сўх тумани ёшларига олий таълим муассасаларига кириш учун 500 та қўшимча квота ажратилиши, бундан ташқари 2020 йил 23 июнь кунги Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниши хотин-қизлар учун ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга киришига амалий ёрдам бўлди.
Туманимизда бугунги кунда 26 мингдан ортиқ 18-30 ёшгача бўлган ёшлар истиқомат қилаётган бўлса, шулардан 2019-2020 ўқув йилида жами битирувчилар 1615 нафарни ташкил этади. Шундан умумтаълим мактаб битирувчилари 1451 нафар, коллеж битирувчилари 164 нафардир. Ушбу битирувчиларнинг 80 фоизи олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш истагини билдиришган. Биз ушбу битирувчиларга бўлажак тест синовларида омад тилаб қоламиз.
Қолганларининг бандлигини таъминлаш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, бирор бир битирувчи бўш қолмаслиги учун чора-тадбирларни белгилаганмиз.
2020 йил давомида ёзёвонлик ёшларимизни бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. 720 нафар ёшларимизга 256 гектар ер майдонлари боғдорчилик, балиқчилик, шоличилик ҳамда чорвачилик соҳаларини ривожлантириш учун бўлиб берилди.
Бундан ташқари буғдойдан бўшаган бўш ер майдонларида деҳқончилик қилиш учун 200 нафарга яқин ёшларга “Ҳар бир ёшга бир гектар” дастури асосида ер майдонлари берилди.
“Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида 1 млрд 485 млн сўм маблағ 14 нафар ёшларимизга янги иш ўринларини яратиш, ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида беш йил муддатга бир йиллик имтиёз давр билан кредитлар ажратилилмоқда.
Туманда ўтказилган вилоят сектор раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда ёшлар томонидан билдирилган талаб ва истаклардан келиб чиқиб, туманимиз мактаблари учун 150 га яқин компьютер жамланмалари ажратилишига ҳамда туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 1 млрд маблағ эвазига ёшлар учун марказий кутубхона биноси қуриб битказилиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари тумандаги 31-умумтаълим мактабида ўтказилган вилоят ҳокими ёшлар билан учрашувида ёшларимиз тамонидан Марғилон шаҳрида қуриб битказилган IT паркнинг биринчи филиалини Ёзёвон туманида қуриш бўйича билдирилган таклифлари вилоят ҳокими томонидан мақулланганлиги ёшларимизга яна бир совға бўлди, деб ўйлайман.
Ҳурматли ёшлар сизларни республикамизда эртага 30 июнь “Ёшлар куни” муносабати билан самимий табриклаб, келажакда ҳақиқий чин ватанпарвар, юртга садоқат билан хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларингизни тилаб қоламан.
Шундан сўнг, учрашув қатнашчилари томонидан савол ва таклифлар айтилди.
Учрашувда иштирок этган ташкилот ва муассаса раҳбарлари ўз соҳалари бўйича тушган саволларга жавоблар қайтарилди.
Учрашувда тасодифан иштирок этдик. Илгари ҳам “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари бўлган. Лекин бу сафар тўртта сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, ташкилот, муассаса, банк мутасаддилари иштирок этишди. Бу жуда катта имконият-да, билганга. Лекин бу имкониятдан яхши фойдалана олмадилар. Чунки учрашувга тайёргарлик ўртача бўлган кўринади.
Ёзёвон ёшларининг муаммоси йўқми? Етарлича. Улар ҳудди шундай нуфузли учрашувларда ҳал этилмаса, қачон ҳал бўлади?
Ташкилотчилар бунга эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Учрашувда фаол ёшлар, ёшларни доимо қўллаб-қувватловчи ташкилот мутасаддиларига ташаккурнома ва совғалар топширилди.
Учрашув сўнгида туман ҳокими кадрлар масаласида оқсаётган соҳа – тиббиёт эканлигини таъкидлаб, битирувчиларни тиббиёт институтларига кўпроқ киришга чақирди.
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, Ёзёвон ёшлари!