Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди
2023-01-11 15:24:47 321
Президент томонидан 16.12.2022 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-810-сон Қонун имзоланди.
Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалари чиқариб ташланди. Ўз навбатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилиб, ушбу тоифадаги ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари ваколатига ўтказилди.
Қабул қилинган қонун мазмунига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.
Киритилган ўзгартиришга асосан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шартлиги белгиланди.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг судьяси томонидан илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Суднинг қарори эълон қилинган пайтдан эътиборан дарҳол кучга киради ва ижро этилиши лозим.
Суднинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома юзасидан қабул қилган қарори устидан у чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтириши мумкин.
Ўз навбатида апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг қарори устидан келиб тушган апелляция шикояти асосида ишни 3 кун ичида кўриб чиқиб, апелляция шикоятини (протестини) қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида қарор чиқаради.
Рахматжон Арапов,
Жиноят ишлари бўйича
Ёзёвон туман судининг раиси