Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Абдусаид Кўчимов 70 ёшда
2021-05-12 14:45:26 564
САМИМИЙ УСТОЗ
Тошкент Давлат унверситети (ҳозирги Миллий университет) журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиш билан “Ленин учқуни” газетасида ишлардим. Бу 1986-1989 йиллар эди. Курсдошларим Темур, Худоберган, Ислом билан бирга ишлашни гаштиям ўзгача бўлганди. Раҳматли болалар шоири Ҳамза Имомбердиев, ёзувчи Шоим Бўтаев, шоирлар Туроб Ниёз, Вафо Файзуллоҳ, Акром Бердимуродов ва бошқалар бир жамоа эдик.
“Учқун” (босмахонадагилар газетамизни шундай дейишарди, бу анъана хозир ҳам бор. “Марказий Фарғона”ни “Марказ” дейишганидек) кичкина газета бўлсада, газеталар корпуси, деб аталувчи Ленинград (ҳозирги Матбуотчилар) кўчаси, 32-уйда обрўйи катта эди. Бунда албатта муҳарриримиз Абдусаид Кўчимовнинг хизмати беқиёс эди. Еттинчи қаватда жойлашган таҳририятимизга ўз даврининг барча машҳур ёзувчи-шоирлари доим келиб туришарди. Устоз Абдусаид ака баҳонасида биз ҳам машҳурларнинг “тиригини” кўриб қолардик.
Асосан ёшлардан иборат жамоамизни муҳарриримиз ҳудди ўртоқдек, дўстдек бошқарарди. Раҳбар доим биз ёшларни қўллаб-қувватларди.
Абдусаид Кўчимов бағрикенг, изланувчан, қандай ижобий хислатлар бор бўлса, барчаси мужассам инсон. Академиклар, ёзувчилар, шоирлар, совет иттифоқи қаҳрамонларининг мактабларда дарсларини ташкил қилиб, газетада бериларди. Бугун газетани бошқариш бошимизга тушиб, бу ишлар осон эмаслигини биляпмиз.
Устоз бошчилигида “Данак” операциясини ташкил қилганмиз. Бу операция ўз даврида бугунги тилда айтганда, трендга чиққанди.
Муҳарриримизнинг жасур, ватанпарварлигини нафақат биз, бутун Ўзбекистон билган. Газетамизда ўзбек матбуотида биринчи бўлиб, руслар Туркистонни босиб олгани ҳақида мақола берилганди. Бу ўша давр учун жуда катта жасорат, бошини кундага қўйиш билан баробар эди. Чунки ҳаммамизни онгимизга Россия Туркистонни қўшиб олган, деб сингдирилганди-да!
Абдусаид Кўчимов катта ижодкор. Унинг қишлоқ, болалар ҳақидаги асарларини ўқиб, мазза қиласиз.
Вақти-вақти билан устоз бошчилигида "учқунчи"лар учрашиб, гурунглашиб турамиз. Ана шундай учрашувлардан бирида чиқиб, тўғри босмахонага бордик. Абдусаид ака босмахонадан бўёғи қуримаган "Мен шоирман, истасангиз шу" китобини олиб, биз шогирдларига совға қилганди.
Халқ шоири Абдулла Ориповнинг сўнги йиллардаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган, бу китобни ўқиб, шундай устоз билан ишлаганимдан фахрланаман.
Юқорида устознинг шогирдларига ғамхўр эканлигини айтиб ўтдик. Ўзимнинг ҳаётимда ҳам буни ҳис қилганман. Оилада кенжа бўлганман. "Фарғонага қайтаман", деганимда Абдусаид ака “Сиз билан ҳали кўп ишлаймиз. Майли ота-онангизни олдида бўлиб, водий бўйича мухбирлик қиласиз”, дея йўқ штатни бор қилиб берганди. “Марказий Фарғона”га ўтгунча газетанинг водий бўйича сайёр мухбири бўлиб ишлаганман.
Устоз Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси бўлиб кўп йиллар ишлади. Ўша пайтлари ҳам ҳеч ўзгармади, доим шогирдларини қўллади.
Мана, ҳозир Миллий Ахборот Агентлиги Бош директори. Лекин биз билган устоз 35 йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам самимий. Шу кунларда устозимиз Абдусаид Кўчимов 70 ёшни қаршилаяпти.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Примқул Қодиров: “Абдусаид Кўчимов ўсаётган мевали дарахт: кўркам, басавлат, шиғил-шиғил мевали, қуюқ сояси бор дарахт”, дея жуда тўғри таъриф берганди.
Табаррук ва навқирон ёш муборак, Устоз!
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.