Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
СУД ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ ИНСТИТУТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
2021-02-16 17:56:13 700
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Жиноят ишлари бўича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-664-сонли Қонуни билан жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти тубдан такомиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратган эди. Ана шу фармонда ўртага ташланган долзарб масалалар юзасидан олиб борилган кенг кўламли ўрганиш ва таҳлиллардан сўнг ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилиниб амалга киритилди.
Давлат раҳбарининг “бир суд-бир инстанция” тамойилини илгари суриб, уни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича кўрсатмалари суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишида айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга, анча вақтдан бери ечимини топмай келаётган муаммоларнинг барҳам топишига, жумладан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилишига асос бўлди.
Узоқ йиллар қонунчиликда амалда бўлган тўрт босқичли суд инстанциялари, яъни биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари ўрнига уч босқичли суд тизими қуйидагича ташкил этилди:
· биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, шунингдек айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари;
· апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар;
· кассация инстанцияси – Ўзбекистон Республикаси Олий суди.
Қонунга киритилган ўзгартиришга асосан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
Ушбу Қонунни ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилди, натижада шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошиб, вилоят судлари асосан апелляция суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, суд қарорларининг сифатига эътибор қаратилилиши ва биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинишига эришилади.
Қонунга киритилган ўзгартиришга асосан, биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, ўзгартирилди. Бу ҳам ўз навбатида ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахсда унинг мазмуни билан танишиб, уни таҳлил қилиш учун етарли муддат яратиб, келтириладиган апелляция шикоятларининг аниқ ва асосли бўлишини таъминлашга кўмаклашади.
Бир сўз билан айтганда, қабул қилинган қонун суд қарорларини қайта кўриш институтини янги босқичга олиб чиқишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштирилишига хизмат қилади.