Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Ёзёвон туман ҳокими Й.Бойигитовнинг туман аҳолисига МУРОЖААТНОМАСИ
2020-04-08 10:17:48 983
Ассалому-алайкум азиз юртдошлар!
Барчамизга яхши маълумки, сўнги ойларда бутун дунёда кенг миқиёсда тарқалиб бораётган коронавирус пандемиясининг кўлами кундан-кунга кенгайиб бораётганлиги ва минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётганлиги жаҳон ҳамжамияти ҳамда кенг жамоатчилигимизнинг чуқур ташвишига сабаб бўлмоқда.
Аксарият ривожланган давлатларда коронавирус пандемиясини тарқалиб кетишини олдини олиш, унинг иқтисодиётга таъсирини камайтириш борасида кўрилаётган тезкор чоралар ҳам ўзининг аниқ ижобий самарасини бермаяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра қисқа вақт мобайнида дунё мамлакатларида касалликка чалинганларнинг сони 1,4 миллиондан ошгани, ушбу вируснинг юқиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган беморлар сони 82 минг нафардан ошганлигининг ўзи ҳам коронавирус инфекциясининг нақадар хавфли эканлигидан далолат бериб, барчамизни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этади.
Ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиз ҳудудида коронавирус пандемиясини кенг тарқалишини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида аниқ йўналтирилган чоралар амалга оширилиб, барча ҳудудларимизда эҳтиёт чоралари кўрилаётган бўлишига қарамасдан, белгиланган карантин қоидаларига риоя қилмасдан, амалдаги меъёрларни қўпол равишда бузиб келаётган юртдошларимизнинг ҳам учраётганлиги ачинарли ҳолдир. 60 нафардан зиёд юртдошларимиз карантин қоидаларини бузиб, маъмурий жавобгарликка тортилдилар.
Зеро бундай инсонлар нафақат ўзларининг балки яқинлари ва кўп минг сонли фуқароларимизнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяётганликларини чуқур англаб олишлари, ўз навбатида бундай салбий ҳолатларни олдини олишда давлат органлари билан бир қаторда биринчи навбатда жойлардаги жамоатчилик вакиллари ҳам шахсий наъмуна бўлсалар айни муддао бўларди.
Касаллик аломатларнинг йўқлиги коронавирус ташувчиси атрофдагилар учун зарарли эмаслигини англатмайди. Аксинча, аломатларсиз бемор бошқаларга вирусни янада фаолроқ юқтиради, чунки ўзи ҳам касал эканлиги борасида шубҳага бормайди ва эҳтиёт чораларни кўрмайди. Эҳтимол, айнан шундай кишилар коронавируснинг шиддат билан тарқалаётгани учун масъулдир.
Туман соғлиқни сақлаш бўлими, Санитария эпидемиологик осойишталик маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан коронавирус касаллиги ҳақида аҳоли ўртасида тарғивот-ташвиқот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси ва Санитария эпидемиологик осойишталик маркази билан биргаликда коронавирус касаллиги профилактикаси ва касаллик аникланганда зарур бўладиган жихоз ва тиббий анжом ускуналар ҳамда дори дармонлар харид килиниб, керакли миқдордаги заҳиралари яратилган.
Ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санитария эпидемиологик осойишталик марказига етарли маблағлар ажратилди.
Бундан ташқари, касаллик таркалишини олдини олиш учун барча муассасаларда гипохлорид ишлов бериш ишлари олиб борилаётган бўлиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан маблағлар ажратилиши таъминланди.
Бугунги кунга қадар туманимиз тадбиркорлари ва саховатпеша инсонларининг кўмаги билан кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож фуқароларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари, дезинфекция воситалари ҳамда тиббий ниқоблар беғараз етказиб берилган бўлса. ҳозирги вақтда ҳам бундай савобли ишлар марказлашган ҳолда уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
Қадрли тумандошлар,
Ҳар бир юртдошимиз карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда уйда қолиб, пандемияга қарши курашиш, унинг мамлакатимиз бўйлаб кенг тарқалиб кетишини олдини олиш борасида кечаю-кундуз меҳнат қилаётган фидоий инсонларга, беморларимизни соғайиб кетиши йўлида туну-кун захмат чекиб жонкуярлик қилаётган шифокорларимизга ёрдам бериши мумкин.
Эзгу орзу ниятлар билан яшаётган халқимиз олдида коронавирус пандемиясини бартараф этишдек улкан синовлар турибди ушбу синовларни енгиб ўтиш эса, бизнинг ўзимизга, бевосита ҳатти ҳаркатларимизга, сабр тоқатимизга ва шижоатимизга боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз даркор.
Юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти фаровон бўлсин, Дуогўй кексаларимзнинг умри узоқ бўлсин, Опа - сингилларимиз чеҳрасида ҳеч қачон табассум аримасин, ёшларимизнинг бахту иқболини берсин машаққатли синовлар даврида барча юртдошларимизни яратганнинг ўзи паноҳида асрасин.