Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 4 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ

×

 2023-11-20 16:41:15    216

PDF юклаш
Чоп этиш



Бугун юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ўзгариш, ислоҳотлар амалга оширилиб, эркин ва фаровон давлат ва жамиятни янада юксалтириш борасида қатор вазифалар рўёбга чиқарилиб келинмоқда. Бугун мамлакатимизда янги замон руҳи кириб бормаган, инсон манфаатига устувор аҳамият қаратилмаётган бирор-бир соҳа йўқ. Айниқса, сўнгги йиллардаги амалга оширилган ишлар сарҳисобига назар солсак, уларнинг мазмун-моҳиятида халқимиз хоҳиш-иродаси, йиллар давомида фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига тўсиқ бўлаётган оғриқли муаммолар ечими тургани билан янада аҳамиятлидир. Албатта, бундай тарихий ўзгаришлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мазкур ислоҳотлар замирида аниқ ва режали мақсад, қатъият, кучли сиёсий ирода, халқ дарди билан яшаш мужассам.

2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилингани Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Мазкур ҳужжат юртимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва улкан ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда  долзарб аҳамият касб этади. 

Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш заруриятини тақазо этиб, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 11 сентябрида ушбу мақсадларни амалга оширишга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланиб, мамлакатимизнинг келгусидаги тараққиёт йўлининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида: 

“Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик.

Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз” деган эди.

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган бўлиб, мазкур ҳужжат орттирилган тажриба, халқаро экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ушбу ҳужжатнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга қаратилган. Стратегияда белгиланган йўналишларнинг барчасида аҳоли, яъни халқ ва мамлакат манфаатлари биринчи ўринга қўйилиб, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши борасида қатъий позициялар ифода этилган.

Жумладан, Стратегиянинг IV боби “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишига бағишланди. Мазкур йўналиш бўйича 16 та мақсад доирасида 51 та амалий чора-тадбир ва 21 та вазифани ўз ичига олади.

Бунда маҳалла, маҳаллий давлат органлари, вакиллик органлари, давлат хизмати, фуқаролик жамияти институтлари, суд-ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, адвокатура, коррупция масалаларига оид 41 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш ва 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш назарда тутилган. Хусусан, “Халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар” ҳамда “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” каби бандларда бир қатор вазифалар белгиланди:

– Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизгача етказиш;

– “Электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтилиб, барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш;

– Фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши учун мурожаат қилишида ариза ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартибларни бекор қилиш, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратиш.

Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат юртимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини, балки унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши эса давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Худоберди Холиқов,

жиноят ишлари бўйича

Ёзёвон туман судининг раиси.



Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Twitte, YouTube, Instagram