Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЗАРҲАЛ ҲАРФЛАР БИЛАН ЁЗИЛГАН ТАРИХИЙ КУН
2023-07-17 16:42:19 238
Ҳаётни шиддат билан оқаётган дарёга қиёсланади. Кундалик турмуш ташвишлари билан бўлиб, умримиз ўтиб кетаётганини сезмаймиз. Ҳар бир кунимиздаги воқеа-ҳодисаларни зийраклик билан кузатиб, уларни бир қолипга солиб, ўтаётган давр тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Газета ходимлари ана шундай машаққатли ва шарафли вазифани бажарадилар.
Ўтган йиллар мобайнида “Марказий Фарғона” газетаси билан боғлиқ бўлган жуда кўплаб тадбирларнинг гувоҳи бўлдик. Айниқса, газета янги бинога кўчиб ўтганидан кейин, республика бўйлаб кўплаб меҳмонлар қадам ранжида қилди.
1953 йил 9 июлдан чиқа бошлаган газетамиз 70 йилдан буён ўз вазифасини бажариб келмоқда. Йиллар давомида сайқалланиб, ўз ўрнини топди. Довруғи бутун мамлакатга ёйилди.
2023 йил 15 июль санаси Ёзёвон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган бўлди. “Марказий Фарғона” газетасининг 70 йиллиги ва газетада 34 йилдан буён қалам тебратиб келаётган, 2010 йилдан бери Бош муҳаррир вазифасида сидқидилдан ишлаб келаётган Азимжон Худойқуловнинг 60 ёшга тўлгани билан юбилей тадбирлари нишонланди.
Тантанали тадбирда иштирок этиш учун республика бўйлаб меҳмонлар келишди. Таҳририят биноси яна бир тарихий онларга гувоҳ бўлди. Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов қўшалоқ байрамга ташриф буюрди. Бир томондан азим Тошкентдан газетамизнинг қадрдонлари, Бош муҳаррирнинг устози ЎзА бош директори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва ёшлар мураббийи, давлат ва жамоат арбоби Абдусаид Кўчимов бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар, вилоятимиздаги газеталарнинг бош муҳаррирлари, фахрий журналистлар ташриф буюришди.
Меҳмонлар даставвал туман ҳокими Дилшоджон Джалилов бошчилигида таҳририятда яратилган шароитлар, газетанинг тарихи билан танишдилар. Таҳририятнинг 70 йиллик тарихида ўчмас из қолдирган шахслар, муҳим саналар жамланган видеоролик тамошо қилдилар. Кўпчилик меҳмонларнинг таҳририят янги биносига келиши биринчиси эмас. Илк бор ташриф буюрганлар яратилган шароитларни кўришиб, ҳпвас қилишди.
Шунинг билан қўшалоқ байрамнинг асосий қисми, “Абу Даби” кафесида бўлди.
У ерда меҳмонларнинг сафи янада кенгайди. Шинам ва кўркам дастурхон атрофида республика журналистикасининг ёрқин юлдузлари, юбилярнинг дўсту биродар ва яқинлари жам бўлдилар.
Қўшалоқ тантанани туман ҳокими Дилшоджон Джалилов ва вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов очиб бердилар.
Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг йўллаган табригини ўқиб эшиттириб, эсдалик совғасини топширди. Юбилярга миллий тўн, дўппи кийдирди.
Туман ҳокими “Марказий Фарғона” газетасининг туман ҳаётида тутган ўрнига тўхталиб ўтиб, у ерда фаолият олиб бораётган ходимларнинг меҳнатларини эътироф этди. Самарали натижаларга эришишда Азимжон Худойқуловнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Устоз журналистлар Абдусаид Кўчимов, Муҳаммаджон Обидов газетанинг 70 йиллигига ва Азимжон Худойқуловнинг 60 ёшга тўлгани билан жуда кўплаб илиқ фикрлар билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Иброҳимжон Ҳалимбеков туман солномаси-газетамиз ва юбилярга узоқ умр тилади. Шунингдек, туман ҳокими Дилшоджон Джалиловнинг босма нашларга қаратаётган эътибори юқори эканлигини айтиб, бошқарманинг ташаккурномаси билан тақдирлади.
Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Маъсуджон Сулаймонов Ёзёвонда журналистларга берилаётган эътибор, маънавиятнинг юксаклиги борасида фикр билдириб, қўшалоқ байрам билан табриклади. Бош муҳаррирни 60 ёшни қаршилагани билан муборакбод этиб, эсдалик совғаларини топширди.
Шунингдек Тошкентда Азимжон Худойқулов билан ижод қилган ҳамкасблари ,,Тонг юлдузи" газетаси Бош муҳаррири Феруза Адилова, шоир Туроб Ниёз к сўзга чиқиб. “Марказий Фарғона”нинг республикада ўз ўрни борлигини таъкидлашди. Бунинг боиси тажрибали Бош муҳаррир ва аҳил жамоа эканлигини айтиб ўтдилар.
Сўзга чиққанлар жуда кўп бўлди. Газетанинг қадрдонлари, юбилярнинг синфдошлари, қариндош-уруғи, оила-аъзолари даврада газетанинг келгуси фаолиятига ва Азимжон Худойқуловга яхши тилаклар билдиришди.
Даврада ўйин кулгу, хурсандчилик ҳукумрон бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулҳай Каримов ўзининг дилторар қўшиқларини ижро этди. Туман маданият бўлими томонидан шўҳ қўшиқлар куйланди. Мусиқа мактаби ўқувчилари томонидан рақслар бўлди.
Даврада газетада ишлаган фахрий журналистлар, таҳририятда меҳнат фаолиятини олиб борганлар ва ҳозирги жамоа жам бўлишди. Туман ҳокими газетанинг шу кунларга етиб келишида сабабчи эканликларини таъкидлади. Раҳматлар айтиб, барчпга эсдалик совғалари улашди.
Қўшалоқ китобхон байрамига уланди. ,, Марказий Фарғона" газетаси таҳририяти ҳомийлигида босмадан чиқарилган, ёзёвонлик ёш шоир Аҳмадали Турсуналиевнинг “Эрта келган кўклам” шеърий тўплами тантанали равишда муаллифга топширилди. Аҳмадалининг яқинлари меҳнати сингган барча миннатдорчилик билдиришди. ,, Ёзёвон" китобининг дастлабки босмадан чиққан нусхалари туман ҳокими ва устозларга совға қилинди.
Қўшалоқ байрам бир умр эсда қоларли ўтди.
Байрамни ташкиллашга бош бўлган туман ҳокимлиги ва яқиндан кўмак берган барча-барчага миннатдорчилик билдириб қоламиз.
“МАРКАЗИЙ ФАРҒОНА” мухбирлари.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram