Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ, ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ ВА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЎРТАСИДА ЖИНОЯТЧИЛИКНИ ОЛДИНИ ОЛИШ
2023-06-21 16:39:00 203
Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши кураш умумий жиноятчиликка қарши курашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Фикримизча, умуман, жиноятчилик сабаблари вояга етмаганлар жиноятчилиги сабаблари билан узвий боғлиқдир.
Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, вояга етмаганларнинг жиноятларига доир ишларни юритиш қуйидаги хусусиятларга эга:
1)Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларнинг ўзига хослиги.
2) Бундай турдаги ишларни юритишда дастлабки тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамаси даврида умумий тартибда иш юритишда исботланиши лозим бўлган ҳолатлардан ташқари қуйидагилар ҳам исботланиши лозимлиги:
- вояга етмаган айбланувчининг аниқ ёши (туғилган йили, ойи, куни);
- вояга етмаганнинг шахсига хос хусусиятлар ва унинг саломатлиги ҳолати;
- унинг турмуш ва тарбияланиш шароитлари;
- катта ёшли далолатчилар ва бошқа иштирокчиларнинг бор ёки йўқлиги.
Ушбу ҳолатларнинг белгиланиши Пекин қоидалари талабларига мос бўлиб, жиноятнинг аниқ сабабларини топиш, болага нисбатан ёш ва ақлий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таъсир чораларини қўллаш имконини беради. Балоғат ёши турли давлатларда турлича белгиланган. Вояга етмаганлик умумий тушунча сифатида қонун тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлиш билан боғлайдиган ёшга етмаганликни назарда тутади. Пекин қоидалари вояга етмаган ҳуқуқбузар тушунчасини ҳуқуқбузарлик содир қилган бола сифатида кўрсатади. Шу билан бирга, халқ¬аро ҳуқуқий ҳужжатлар жиноий жавобгарликка тортишнинг аниқ, универсал ёшини белгиламайди, фақат минимал даражасини белгиловчи умумий қоидалар кўрсатилади. Шу сабабли жиноят ишларини юритишда вояга етмаганлик 7 ёшдан 18 ёшгача, айрим ҳолларда ундан ҳам юқори ёшни ўз ичига олади. Болгария, Венгрия, Германияда жиноий жавобгарлик ёши 14 ёшдан; Греция ва Францияда 13 ёшдан, АҚШда 10 дан 17 ёшгача (турли штатларнинг қонунчилигига кўра) вужудга келади. Европа давлатларининг кўпчилигида вояга етганлик 18 ёшдан, фақат Австрияда 19 ёшдан, Швейцарияда 20 ёшдан ҳисобланади.
Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 547-моддасига биноан, жиноят қилгунга қадар ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятларига оид ишлар алоҳида иш юритуви тартибида кўрилади.
Бундай тоифадаги шахсларнинг жиноят ишлари бўйича махфийлик (ишни ёпиқ суд мажлисида кўрилиши) таъминланиши шарт. Зарурат бўлмаган ҳолда вояга етмаганларнинг жиноятларига оид маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас. Пекин қоидаларида суд муҳокамасида вояга етмаганларнинг ишлари бўйича маҳфийлик сақланиши қоидасини мажбурий универсал принцип сифатида жиноят процессининг вояга етмаганларга оид барча босқичларига жорий қилишга уринишлар мавжуд. Шунингдек, мазкур қоидалар вояга етмаганларга нисбатан жиноят ишини судга қадар юритиш босқичларида тугатиш имкониятини кўзда тутади (унинг асосий шарти вояга етмаганнинг ихтиёрий розилигидир). Жиноят ишини тугатиш масаласини ҳал қилишда вояга етмаганга нисбатан ҳеч қандай таъсирнинг бўлишига йўл қўйилмайди, ўлим жазоси ва жисмоний азоб берадиган жазонинг қўлланиши тақиқланади. Озодлигини чеклаш эса минимал даражага туширилиши керак. Озодликдан маҳрум қилишда вояга етмаганни бирор-бир муассасага жойлаштириш ҳар доим сўнгги чора сифатида қўлланиши кераклиги таъкидланади.
Вояга етмаганларга нисбатан одил судловни амалга оширишга оид БМТ қоидаларининг минимал стандартлари"га қўшилиш ниҳоятда муҳимдир. Бу қоидалар, лойиҳасини ишлаб чиқиш 1984 йил 14-18 май кунлари Пекинда БМТнинг VII Конгрессида ҳудудлараро тайёрлов йиғилишида тугаллангани сабабли, "Пекин қоидалари" деган номни олган. Мазкур резолюцияда: "...зарур ҳолларда ўз миллий қонун ҳужжатларини, сиёсатини ва амалиётини, айниқса, вояга етмаганларга нисбатан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ мутахассисларни тайёрлашда, Пекин қоидаларига мослаштириш ва ушбу қоидаларни тегишли органлар ҳамда кенг жамоатчилик эътиборига етказиш" тавсия этилади.
Болалар тарбияси билан боғлиқ масалаларда, вояга етмаган шахснинг оилавий муҳитига эътибор қаратиш лозим бўлади, бунда маълум бир оилада зўравонлик ҳолатини бор-йўқлиги, агар бу оилада зўравонлик аломатлари мавжуд бўлса, бу зўравонликни оиланинг вояга етмаган аъзосига нисбатан содир этилиши унинг жисмоний ёки руҳий ривожланишига зарар етказади. Оиладаги зўравонлик объекти бўлиб оиланинг ҳар бир аъзоси - эр-хотин, болалар, қария ота-оналар бўлиши мумкин, шунинг учун оиладаги шафқатсизликнинг уч тури алоҳида кўрсатилган.
Хусусан:
- эр ёки хотиннинг бир-бирига нисбатан муносабатида;
- ота-оналарнинг болаларига нисбатан муносабатида;
- болалар ёки набираларнинг қария қариндошларга нисбатан муносабатида.
Вояга етмаганларнинг жиноятчиликни олдини олишда вояга етмаганининг ижтимоий руҳий ҳолатидан келиб чиқадиган шахсига хос хусусиятларни аниқлаш мақсадга мувофиқдир, бунда вояга етмаганнинг ҳаётий тажрибасизлиги, бирон одамга ўхшашга, тенгдошлари орасида ўзини устун қўйишга интилиши, ўта таъсирчанлиги, ҳурмат-эътибор қозонишни ҳоҳлаши, кайфиятининг кескин ўзгариб туриши, ўйламасдан ҳаракатлар қилиши, воқеаларни ўз дунёқарашига кўра қабул қилиши ва ҳуқуқий жиҳатдан чекланган лаё¬қат мақоми каби ҳолатларга кўпроқ эътибор бериб, бу ҳолатларни чуқурроқ ўрганилиб, таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, манфаатдор ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида жойларда тарғибот ишлари олиб борилиб, тегишли хулосалар чиқарилиши лозим.
Х.Холиқов,
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram