Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси
2021-02-06 16:05:31 657
Ҳайрулло БОЗАРОВ:
"ЁЗЁВОННИНГ ЕРИ, СУВИ, ТАНТИ ДЕҲҚОНЛАРИ БОР"
Халқ депутатлари Ёзёвон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари XXIII сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Қатортол сайлов округидан депутат Алижон Мирзакаримов олиб борди.
Сессия ишида вилоят, туман сектор раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимининг ўринбосарлари, маҳаллий ва ҳудуддан сайланган депутатлар, ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек, сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қўчқорович Қуронбоев ва вилоят ҳокими Хайрулло Хайитбаевич Бозаров иштирок этдилар.
Сессия кун тартибида ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров сўзга чиқди.
– Тажрибадан маълумки чўл одамлари самимий, очиқ бўлади, – деди вилоят ҳокими. – Ёзёвонни ким оғир туман деса адашади. Албатта бу ерда катта саноат корхоналари йўқ. Лекин ери, суви, танти деҳқонлари, дангал фермерлари бор. Ёзёвонга ривожланаётган, келажаги порлоқ, чексиз имкониятларга эга туман сифатида қараш керак. Пахта йиғим-терими даврида, кейин ҳам Ёзёвонда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашдим. Уларда эртанги кунга умид, шижоатни кўрдим.
2020 йил барча учун синов йили бўлди. Пандемия даврида Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларни ҳис қилмаган хонадон, оила қолмади. Барчасига кириб борилди.
Бугун халқимизни рози қилиш учун катта-кичик раҳбардан катта масъулият талаб қилинади. Раҳбарлик – бу синов. Уни ҳис этиб, оҳиригача шукр қилиб, кўтариб юриш ҳаммага ҳам эмас, – деди вилоят ҳокими.
Депутатлар томонидан вилоят ҳокимининг Бойигитов Йўлчибой Ўринбоевични Ёзёвон тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди.
Вилоят ҳокимининг Джалилов Дилшод Турсунмуродовични Ёзёвон тумани ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан туман кенгаши депутати Мавлудахон Мамадалиева, ёшлар вакили, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Рўзимуҳаммад Ҳошимов вилоят ҳокимининг қарорини қўллаб-қувватлаб, туманнинг янги раҳбари билан камарбаста бўлиб ишлашга ваъда бердилар.
Депутатлар томонидан Джалилов Дилшод Турсунмуродович Ёзёвон тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ёзёвон тумани ҳокими Дилшод Джалилов билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, бутун куч-ғайратини туман истиқболи учун сарфлашини айтди.
Сессияда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуранбоев сўзга чиқиб, 10 мингдан ортиқ ёшлар чет элда ишлаётгани, 6 минг ёш ишсиз эканини танқид қилди.
– Ёзёвонни намуна сифатида кўрсатиш имконияти бор, –деди нотиқ. – Бунинг учун ёшлар бандлигини таъминлаб, ер ажратиш, “Ёшлар дафтари”дан чиқариш бўйича “йўл ҳаритаси”ни қайта кўриб чиқиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқ депутатлари Фарғона вилояти навбатдан ташқари сессиясида ёшларни қоракўл қўйлари боқиш тажрибасини Ёзёвонда бошлашни сессияда таъкидлаб ўтилди.
Шунинг билан халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўз ишини якунлади.