Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
ОҚ ДАЛАЛАР, ОППОҚ ДАЛАЛАР
2020-09-23 10:37:15 787
Бугун дала кезганнинг кўнгли яйрайди. Қаёққа қараманг, оқликка бурканган пайкаллар кўзни қамаштиради. Саховатли бободеҳқон баракали меҳнати мевасидан сармаст бугун. Сармастлигининг сабаби — даромад ҳам меҳнатга яраша бўлади-да.
“Баҳромбек” фермер хўжалиги далаларини айланар эканмиз, ҳали теримчи оёғи етмаган, оқликка бурканган пайкалларни кўриб дилимиз янада равшан тортди. Чамамизда бу йилги ҳосил туманимиз мамлакатда биринчи бўлган йилгидан ҳам мўлдай туюлди. Илоҳим шундай бўлсин!
Ниҳоят теримчилар ғужғон юрган хўжалик даласига етиб келдик. Қиз-жувонлар тушликкача терган пахтасини торттиришга ошиқишмоқда. Айрим теримчилар икки елкасига пахта тўла этакни пайкал ичидан кўтариб чиқишмоқда. Хўжаликнинг илғор теримчиларидан бири Турсуной Сатторова бешта этак тўла пахтани прицеп олдига қаторлаштириб қўйиб тин олгани ўтирганидан фойдаланиб, суҳбатга тортдик.
— Кунига неча килограммдан теряпсиз?
— Гоҳ икки юзга яқин, гоҳида кўпроқ. Ўн кунда икки тоннадан орттирибман.
— Терим пулини беришяптими?
— Бир ҳафталигини олганмиз. Бугун ё эртага яна беришади.
Хўжаликда икки юз килони ёқалаб пахта тераётганлар талайгина экан. Замирахон, Мўнисхон, Шаҳлохон...
Аллақачон тарозини созлаб пахта тортишни бошлаб юборган Облоёр Хожибоевга фермер Мирзоҳид Олимов хўжаликнинг “бош бригадири” ҳамма ишни айтгандан зиёда бажаради, деб таъриф берганди. Ҳақиқатан хўжаликнинг неча гектар пахта майдони бор, гектаридан қанчадан ҳосил олади, далақозонга қанча маҳсулот олиб келинди-ю, қайси ишчининг бугунги кайфияти қанақалигигача билишини ярим соат ўша ерда бўлиб билиб олдик.
“Баҳромбек”дан қайтар чоғи хўжалик аъзоларига туманда шартнома режасини бажарган ўнлаб хўжаликлар қаторидан жой олишларига тилак билдирдик.