Размер шрифта цвет картина

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Подписка на новости


На сайте сейчас 8 пользователей Статистика телефон доверия


21 октабрь – Ўзбек тили байрами куни

×

 2020-10-13 10:05:36    815

Скачать PDF
Печать


“ТИЛГА ЭЪТИБОР ...”

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллигини кенг нишонлаш бўйича Президентимизнинг  қарори қабул қилинди. Қолаверса, ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, бу йил тилчилар учун қутлуғ саналган куннинг ''Ўзбек тили байрами куни'', деб эълон қилиниши ҳам давлат тилига бўлган эътиборнинг яна бир кўринишидир. Бу нарса ўзбек тилимизга бўлган эътиборнинг давлат миқёсида юқори эканлигидан далолатдир. Зеро, тилга бўлган эътибор элга бўлган эътибордир, деб бежиз айтилмаган. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мустақиллик даврида эмас, мустақилликдан икки йил олдин қабул қилинганига эътибор қаратсак, бунинг аҳамияти янада юқори даража касб этади. 1989 йилда СССР таркибидаги бир республиканинг ўша даврда гегемон бўлган рус тилини бир четга суриб, ўзбек тилини давлат тили, деб эълон қилинишининг ўзи бир қаҳрамонликдир. 1989 йилдаги раҳбарлар, ёзувчилар, олимлар, шоирлар, қолаверса, оддий фуқаролар ўртасидаги матбуот орқали тортишувлар ҳали-ҳануз ёдимда. Хатто Ўзбекистонда иккита давлат тилини қабул қилайлик,   дегувчилар ҳам кам эмас эди. Рус тили ва ўзбек тилини давлат тили, деб эълон қилувчилар “сих ҳам, кабоб ҳам куймасин” тоифасидан эканликлари аён. Уларнинг бир тарафида рус тили, иккинчи тарафида ўзбек тили. Ҳоҳласа у томонга, ҳоҳласа бу томонга сакрайдиганлар. Ҳайриятки, икки давлат тилилик мағлуб бўлди ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.

1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Бугун баралла айтишимиз мумкин, бу нарса мустақиллик сари илк қадам эди.

1995 йил 21 декабрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири амалга киритилди.

 Тилга эътибор деганда, аввало, таълим муассасаларида илинган турли шиорлардан тортиб деворий газеталаргача ҳатосиз ёзилиши даркор. Бунда, биринчи навбатда, она тили ўқитувчилари, қолаверса, барча ўқитувчилар масъулдир. Афсуски, кўп мактабларга борганимизда ҳали ҳам бу нарсага беэътибор қаралаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Вилоят она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг саркори, ҳозирда марҳум М. Муҳиддинов домланинг бир гапи ҳамон қулоғим остида жаранглайди: “Бизнинг хатоларимиз дафтарлардан чиқиб кетиб, деворларга ёпишмоқда”. Нақадар ибратли фикр. Бунга анча йил бўлган бўлса-да, ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Зеро, шиорларимизни, деворларга илинган турли ёзувларимизни ҳамон ҳатолар “безаб” турибди. Ўқув даргоҳи раҳбарияти ҳам бунга эътиборлироқ бўлса, бу давлат тилига бўлган ҳурматни билдиради. Туманимиз мактабларидан бирига борганимда деворий газетада “тариҳимиз”, “Буҳоро” каби ёзувларни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Ўтган йили ижтимоий тармоқларда бир мактаб ўзларининг кўргазмаларини бутун республикага ёйишди. Ачинарли томони шундаки, унда : “Она тилим 30 ёшда” деб ёзиб қўйишибди. “Наҳотки”, – деб жавоб ёздим. Бошқалардан: “Раҳмат, домла”, – деган садо келди. Биз – тилчилар нафақат таълим муассасасидаги, балки кўча-куйдаги, дўконлардаги барча ёзувларнинг соф ўзбек тилида хатосиз ёзилишига ҳам масъулмиз. Бепарволик яхшиликка олиб бормайди, ҳалокатга олиб боради.

Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир. Бу дегани бошқа тилларга эътиборсизмиз, дегани эмас. Бу нарса конституциямизнинг 4-моддасида қайд этилган:

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Республикамизда давлат тили ёки бошқа тилларга менсимай қараш тақиқланади. Давлат тилининг муҳим белгиларидан бири  унинг барча расмий иш ҳужжатларини юритишда тўлалигича қўлланишидир. Мамлакатимизда қонунлар, қарорлар, фармонлар ва бошқа ҳужжатлар бевосита давлат тилида тайёрланиб, қабул қилинади. Олдинлари булар рус тилида юритилган. Эсимда, олий даргоҳда ўқиб юрган пайтимда, 80 йилларда, бир устозим шундай деган эди: “Мен ўзбек тили ўқитувчисиман. Ўзбек тили бўйича кандидатлик диссертациямни ёзиб тугатганимда, энди буни тўлиқ рус тилига ўгиртирамиз  ва рус тилида ҳимоя қиласиз, дейишган. Шундай қилишга мажбур бўлдим, лекин кўнглим чиқмади. Ўзбек тилига хос бўлган нарсаларни рус тилида тўлиқ баён этиб бўлмайди''. Ҳозирда ёшларимиз учун ҳам имкониятлар анча кенгайди. Бундан эса оқилона фойдаланиш даркор.

Дарвоқе, ҳозирда амалда бўлган “Давлат тили ҳақида” ги қонун 24 моддадан иборат. 7-моддада  шундай дейилган :

“Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади.”

Ўқитувчи, айниқса, бошланғич синф ўқитувчилари 1-синфдан бошлаб болани саводхон қилиб тарбиялай олса, юқори синфга ўтганда, она тили ўқитувчилари бошчилигида барча ўқитувчилар ўқувчиларнинг хатосиз ёзишларини назоратга олиб тарбиялашса, тилимиздаги, ёзувимиздаги хатолар ҳам ўз-ўзидан йўқола боради. Бунга эришмоқ, давлат тилига бўлган ҳурматдир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобидаги қуйидаги фикрлар ҳам диққатга сазовордир. “Она тили умуммиллат мулки, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи лозим”.

Ўзбек тилининг халқаро миқёсидаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар бугун талаб даражасида бўляпти, албатта. Айниқса,Президентимиз ШавкатМирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблиясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилиши оламшумул воқеа бўлди, тарихий воқеа бўлди. Айтиш жоизки, ўзбек тили том маънода жаҳонга юз тутди. Бу бардавом бўлишига ишонамиз.

Муҳаммаджон МАДИСАЕВ,

Ёзёвон тумани 38-ИДУМ олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.