Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
ШУ КУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИДАН БИРИ
2020-07-28 14:44:50 851
Бугун хушхабар ҳам, бошқа хабарлар ҳам яшин тезлигида тарқалади. Бу ижтимоий тармоқларнинг шарофати. Туман юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Турсуной Иброҳимованинг Президентимиз фармони билан “Соғлом турмуш” медали билан мукофотлангани ҳақидаги хабар бирпасда бутун Ўзбекистонга тарқалди. Турсунойни биринчи бўлиб қадрдон жамоаси қутлади. Унинг кўзларидаги севинч ёшлари, пандемиянинг дастлабки кунларидаги меҳнати машаққатларини бир лаҳза хотирлашга сабабчи ёшлар эди.
—Шу соҳада 28 йил ишлаган бўлсам, фаолиятимда илк бор қийналдим, — дейди Турсуной биз билан суҳбатда.
—Ўша Марғилондаги тиббиёт билим юртини битириб, собиқ Коммуна қишлоғидаги юқумли касалликлар шифохонасига янги ишга борганимда ҳам бунчалик қўрқмагандим. Ёзёвонда ҳам вирусга чалинган касал чиқибди, деган кундан биз шифохонада қолдик. Менга устозларим ҳар қандай касалдан қўрмасликни ўргатган. Шу боисдан ҳам вирус юқтириб олган касалга ҳам меҳр билан, ҳеч нарсадан хадиксирамай қарадим. Фақат мен эмас, врачлар, ҳамширалар оддий беморга қарагандай қарашди. Кўп ўтмай шифохонамиз карантинга олинди. Ана шу фурсатда менинг ҳам томоғим шишиб, ўзимни лоҳас сеза бошладим. Тезда текширувдан ўтказишиб, Фарғонадаги юқумли касалликлар шифохонасида даволандим. Сўнг "Чимён" санаториясида дам олдим. Ишга чиқишим керак эди, уйда озгина қурилиш ишлари борлиги учун раҳбарлардан илтимос қилиб меҳнат таътили олдим. Мен бугун жуда бахтлиман. Президентимиз дастлаб 100 миллион сўм билан тақдирлади. Мана энди ушбу медал билан мукофотлади. Шу фурсатдан фойдаланиб, халқимиздан илтимос қиламан, ўзингизни, яқинларингизни, бошқаларни ҳам эҳтиёт қилиш учун карантин қоидаларига риоя қилайлик. Бу вирус тезда юқувчан, иммунитети паст одамларни анча қийноққа соладиган туридан. Ушбу вирус билан юзма-юз келган тиббиёт ходими сифатида ҳеч ким унинг домига тушмасин, дейман.
Вилоятда туманимиз бу вирусни биринчилардан қарши олди. Бир ўлим ҳолати ҳам бўлди. Лекин бу офат билан курашда туман ҳокимлиги, ИИБ, Миллий гвардия, санитария назорати ходимлари, шифокорлар ва халқимизнинг ҳамжиҳатлиги боис касаллик биздан чекинди. Бу офатни вилоятга тарқалиши олди олинди. Айни пайтда ҳам раҳбарият ва халқнинг ҳамжиҳатлиги туфайли туманимизда барқарор ҳолат сақланиб турибди. Кўз тегмасин!