Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
Матбуот анжумани
2020-11-03 15:45:37 899
ИМКОНИЯТЛАР ЕТАРЛИ,
улардан тўғри фойдаланайлик!
Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Убайдуллаев томонидан тасдиқланган “Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра фаолияти қониқарсиз баҳоланган вилоятимизнинг 3 та тумани сектор раҳбарлари билан жорий йилнинг IV чораги давомида ўтказиладиган матбуот анжумани режа-жадвали”га асосан Ёзёвонда матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот оммавий коммуникациялар Агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари, “Марказий Фарғона” газетаси ижодкорлари, “Ўзбекистон-24” телерадиокомпаниясининг вилоятдаги мухбири Илҳомжон Эшматов, вилоят телевидениеси катта муҳаррири Тоҳиржон Шукуров, блогер Усмонжон Қодиров, Ўзбекистон Ахборот агентлиги фотомухбири Муқимжон Қодиров, “Рухсор” телеканали мухбири Гулчеҳра Мамажонова, kun.uz интернет нашрининг вилоят мухбири Файзулло Султонов қатнашдилар.
Тадбирни туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Азимжон Худойқулов очди ва олиб борди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғофиржон Эргашев туман “қизил” ҳудудга тушиб қолиш сабаблари ҳамда Ёзёвон туманини мавжуд ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини яхшилаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлари дастурининг октябрь ойида амалга оширилиши юзасидан ҳисобот берди.
– Хабарларингиз бор жорий йил 24 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда туман ва шаҳарлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилди, – деди Ғ.Эргашев.
– Ушбу баҳолаш мезонига асосан Ёзёвон тумани ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра, 33 та “қониқарсиз”, деб топилган туманлар қаторидан ўрин олди.
Баҳолаш мезонларига асосан иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари 0.85 балл (энг юқори-6,25 балл), меҳнат бозорининг самарадорлиги кўрсаткичлари 4.20 балл (энг юқори-6,25 балл), иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари 0.57 балл (энг юқори-3,75 балл), ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари 3.17 балл (энг юқори-7,5 балл), маҳаллий солиқ йиғувчанлик кўрсаткичлари 2.37 балл (энг юқори-2,5 балл), маҳаллий давлат ҳокимяти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларниниг очиқлиги кўрсаткичлари 2.73 балл (энг юқори-3,75 балл) ни ташкил этганлиги сабабдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, туманда 2020 йил якунига қадар барча соҳаларда ривожланиш даражасини таъминлаш орқали “қизил” ҳудуд тоифасидан чиқиш учун амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши сесиясида қабул қилинди. Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йил 9 ойлик якуни билан ўсиш суръатлари таъминланишига эришилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 115 млрд.сўм (101,3 %) ни, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 1 млн.43 минг сўмни ташкил этди, қишлоқ хўжалиги йўналишида 626,2 млрд.сўм (102 %) ни, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 5 млн.651 минг сўмни, кўрсатилган хизматлар ҳажми 125,7 млрд.сўм (100,4 %) ни, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 1 млн.134 минг сўмни, чакана савдо айланмаси 276 млрд.сўм (101,3 %) ни, аҳоли жон бошига ҳисобланганда 2 млн. 498 минг сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга йил якунига қадар қатор вазифаларни амалга ошириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари Х.Тошпўлатов ўз сектори ҳудудида амалга оширилаётган амалий ишлар бўйича ОАВ вакиллари ва блогерларга ҳисобот тақдим қилди.
Т.Шукуров (“Фарғона”ТВ) туманда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, И.Эшматов (“Ўзбекистон-24”) “Гулистон” кичик иқтисодий зонасида олиб борилаётган ишлар, инвестицияларни жалб этиш, А-373 йўли бўйидаги хизматлар, Ф.Султонов (“kun.uz”) фуқаролар мурожаати, “Аёллар дафтари”, Халқ банки Ёзёвон филиалидаги воқеаларга доир саволларига сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилот, муассаса раҳбарларидан жавоблар олишди.
Ёзёвон туманида “қизил” ҳудуддан чиқиш учун имкониятлар етарли эканлиги кейинги бир ой давомида амалга оширилган ишлардан, матбуот анжуманидаги савол-жавобларда ҳам сезилди. Эришилган ютуқлар барчамизники, лекин қилинадиган ишлар олдинда. Матбуот анжуманлари анъанавий бўлиб, ҳар ойда ўтказилади. Кейинги матбуот анжуманларида Ёзёвон туманини “қониқарсиз” ҳудуддан чиқишини эълон қилиш билан, анжуманни бошлаш насиб қилсин.
ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ