Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 11 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


ОДАМ САВДОСИ – ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИ ТАШВИШГА СОЛАЁТГН ГЛОБАЛ МУАММО

×

 2021-07-31 16:06:19    540

PDF yuklash
Chop etish


Халқаро миграция ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланади. Ушбу жиноятчиликдан тушаётган ноқонуний даромад эса 7 миллиард AҚШ долларини ташкил қилади. Дунё миқёсида ҳар йили 600 мингдан 800 минг нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб сотилади. Одам савдосидан жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этади.

Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишдир.

Бир сўз билан айтганда, одам савдоси – масофа ва чегара билмас, ноқонуний қурол-яроғ савдоси ҳамда наркобизнес каби трансмиллий жиноятлар билан бир қаторда тилга олинувчи, айни вақтда улардан анчагина хавфли ҳамда дунё халқларини ташвишга солаётган жиноятдир.

Шахс жамиятнинг асосий бўғини, кучи саналади. Шу боис, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифа ва мақсади ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам ўз халқининг тинчлигини, осойишталагини сақлаш йўлида кўпгина самарали ишлар олиб бормоқда. Бу борада мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий база яратилди. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида“ги Қонуни, “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ва бошқаларнинг қабул қилиниши, бир қатор халқаро миқёсдаги ҳужжатларга қўшилиш мазкур муаммонинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган.

Одам савдоси трансмиллий жиноятининг олдини олиш ва унга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик аҳамиятлидир. Шу боис мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ халқаро хужжатга қўшилиб, одам савдосига қарши курашишга қаратилган кўпгина шартномаларни имзолаган. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Республика идоралараро комиссияси, Бирлашган миллатлар ташкилоти ЙХҲТ каби кўпгина халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, жабрдийдаларни аниқлаш, уларни қутқариш, жиноят қурбонларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда.

Бугунги кунда одам савдоси инсон, унинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий таҳдид солаётган жаҳон миқёсидаги долзарб муаммога айланди. Ушбу глобал иллатга қарши курашиш юзасидан мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ачинарлиси, ушбу иллатни олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ 94 жиноят қайд этилиб, 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган бўлсада, бу кўрсаткич юқорилигича қолмоқда. Содир этилган жиноятлар бўйича 137 нафар уюшган жиноий гуруҳ аъзоси жиноий жавобгарликка тортилган.

Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида 2,779 ташкилот, корхона, муассасалар ўрганилиб, мажбурий меҳнатга йўл қуйган 259 нафар ҳамда иш ҳақини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан 114 нафар чақалоқ ва бола жабрланган, уларнинг асосий қисми 3 ёшгача бўлган болалардир.

Бироқ одам савдоси айниқса чақалоқ савдоси жиноятлари дунё миқёсида юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда, дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар одам савдосидан азият чекишда давом этмоқда.

Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига нималар сабаб бўлмоқда?

— одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;

— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;

— одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида;

— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки рухий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.

Одам савдоси фақатгина Ўзбекистон Республикасининг муаммоси сифатида қарашимиз нотўғри бўлади, чунки ҳозирги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўплаб мамлакатларда кенг тарқалиб бутун дунё ҳамжамиятини ҳавотирга солмоқда. Энг ачинарлиси, одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг кенг қулоч ёзишига: аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламлари - ишсиз юрган фукаролар, турмуш ҳаётида кўп қийинчиликка учраган аёллар ва ота – онасининг эътибори ва қарамоғидан четда қолган вояга етмаган шахсларнинг гўёки уларнинг муоммоларини ҳал қилган каби кўриниб, ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланаётганлиги сабаб бўлиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга одам савдоси каби иллатнинг фаровон турмуш-ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, яъни, аҳолининг гавжум жойларида, маҳаллаларда, турли хил таълим муассасаларида, давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш асосий вазифалардан биридир.

Р.АРАПОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг раиси.

А.АБДУЖАЛИЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг девонхона мудири.