Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
БУ ОФАТНИНГ САБОҚЛАРИ
2020-08-17 15:35:20 718
Бутун дунё катта бир синовдан ўтмоқда. Бу вирус деганлари ҳеч қандай лавозиму мансабга ҳам, ирқу миллатга ҳам, қарамаяпти. Ўзини ўзи эҳтиёт қилмаган одам борки, ундан жабр кўрмоқда, азоб чекмоқда. Қанчадан-қанча йўқотишларга сабаб бўлмаяпти, бу тожли вирус. Шу билан бирга инсонларни сергакликка, хушёрликка, соғлиқ бебаҳо неъмат эканини англаб етишга мажбурлади. Ҳатто ойлаб кўришга вақт топмаган жигарларимизнинг қадрини кучлироқ ҳис этдик. Авваллари нега шунчалар лоқайд, бепарво бўлганимизни англашга ўргатди, бу вирус. Шунда ҳам биз ўзимиздан эмас, вирусдан хафа бўлдик, нолидик. Аслида-чи? Аслида ишга муккасидан кетган, пулнинг ортидан қувиб, ўз боласининг нечанчи синфда ўқишини билмайдиган ота эмасмидик?! Кун бўйи қўшни аёллар билан ғийбатлашиб, фарзандининг нималар биан шуғулланиши, қандай орзулари борлиги билан қизиқмайдиган она эмасмидик?! Олийгоҳга киргунча китобдан бош кўтармай, талаба бўлгандан кейин ўз вақтида дарсларга қатнашмай устозларнинг асабини қақшатадиган талаба эмасмидик? Ҳозир ўша яхши кунларни қўмсамаяпмизми? Энг сўнгги русумдаги автомобилни миниб, гердайиб, зўрға нонини топиб еяётган қўшнимиз борлигини билмаган ёки билиб билмасликка олган кунларимиз ёдимизга тушиб, эзилмаяпмизми? Юқорида келтирганларимнинг барчаси ҳақиқат эканлигини ҳис қилаётганингизни тушуниб турибман. Карантин қаттиқ тартибда жорий этилиб, ҳуда-беҳудага кўчада юришлар чекланиб, уйда қолишга мажбур бўлганимида кўп нарсани англаб етганимиз ҳам рост. Уйда қолиб “ҳаёт китоби”ни вароқлай бошладик. Қачондир унутилаёзган меҳр-оқибатни қайтадан қалбимизга жойлаяпмиз. Худойим берган бу синов кўр бўлаёзган қалб кўзларимизни очиб, атрофимизга эътиборли бўлишимизни, ўзгалар дардини ўз дардимиздек кўришга ўргатди.
Касаллик тез орада енгилар, уни унутариз ҳам, аммо у берган сабоқ бир умрга унутилмас бўлиб қолади.