Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
ВАҚТ НЕЪМАТИНИ ҚАДРЛАЙЛИК!
2020-08-03 17:19:37 786
Бутун дунё вирус балосидан азият чекаётган ҳозирги пайтда Президентимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат сабаб, юртимизда касаликка қарши курашиш чоралари узлуксиз давом эттирилмоқда. Пандемия шароитида давлатимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланган сиёсати туфайли аҳоли саломатлиги баробарида фуқароларнинг ижтимоий таъминоти ҳам эътибордан четда эмас.
Шунингдек динга, диний эътиқодга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Куни кеча пандимея ўтганидан кейин масжидларнинг очилиши ва вояга етмаган фарзадларимизни ҳам оталари билан масжидга киришларига рухсат берилгани ҳақида ИИВ баёноти эълон қилинди. Энди ўғил фарзандларимиз жоме масжидларига бориб оталари билан ибодат қилиш имконига эга бўладилар. Жумладан Қурбон Ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари уламоларни қўллаб-қувватлаш, шу йўналишдаги қилинадиган ишларни моддий таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихида биринчи бор бир юз эллик миллиард сўм маблағ ажратдилар. Маблағлар ҳар бир худудда ўз эгаларига топширилди.
Бу ғамхўрлик бизларни қувонтириш билан бирга ўз ўрнида соҳа вакилларига яна бир бор юксак маъсулиятни юклади. Мен шу соҳа вакили сифатида давлатимиз раҳбарига ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман. Бундайин эътироф келгусидаги фаолиятимизда кўзланган улуғ мақсадлар сари астойдил меҳнат қилишга чорлайди.
Юртдошларимизни синовли кунларда сабрли бўлишга чорлайман.
Азизлар, сизу биздан талаб этилаётгани – тождор вируснинг юртимиздан тезроқ даф бўлиши учун карантин қоидаларига амал қилишимиз, шунингдек ушбу синов кунларининг ҳикматини англаб етмоқ ва ҳаётга татбиқ этмоқдир.
Ана шу ҳикматлардан бири вақтни қадрлашдан иборатдир. Вақт – бу умр демакдир. Оқил, тафаккури тиниқ киши ҳар бир лаҳзани фойдали, савобли амаллар билан ўтказиши ҳам диний, ҳам дунёвий талабларга мувофиқдир. Бу заруратни бугунги синовли кунларда янада теран англаётирмиз. Айниқса, вазият тақозосига кўра кўпчилик уйда бўлаётган ҳозирги пайтда бирон-бир илм ўрганиш, билим олиш билан машғул бўлишнинг фойдаси беқиёсдир. Бунинг учун масофадан туриб ҳам шуғулланишга шароитлар етарли эканлигига ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ.
Доно халқимиз: “Бугунги ишни эртага қолдирма”, дея бежизга айтмаган. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким эртага тугул, ҳатто бир лаҳзадан кейин нима бўлишини билмайди. Шу боис, вақт аталмиш неъматдан унумли фойдаланиб, эзгуликлар улашиш, фойдали илм олиш бу ёруғ дунёдаги тирикларнинг инсоний бурчи эканлигини унутмаслигимиз даркор.
Ҳукомолардан бири бундай деган экан: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёҳуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибдилар”.Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)эса биз умматларига вақтни беҳуда ўтказмаслик ҳақида шундай марҳамат қиладилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг”. Айниқса, ҳозиргидек карантин пайтида беихтиёр ҳосил бўлган бўш вақтни қандай ўтказишни билмаётганлар орамизда учраб турибди. Шу ўринда оилалардаги ёши улуғлар, нуронийларимиз ёшларга йўл–йўриқ кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Дунёда илмдан кўра яхшиси, илмдан кўра фойдалироғи йўқ. Шу фурсатлардан фойдаланиб кимдир тил ўрганаяпти, кимдир ўз соҳасини чуқурлаштириб оляпти, яна кимдир янги илмларнинг янги сарҳадлари томон одимлаяпти. Айни пайтдаги узлат кунларини илм олишга имконият деб қабул қилганлар бундан фақат ютади, валлоҳу аълам.
Ҳадиси шарифда “Бир соатлик илм ўрганиш, бир кечалик ибодатдан яхшидир”, дейилган. Баъзи юртдошларимизда бу ҳикмат фақат диний илм тўғрсидами ёки дунёвий илмга ҳам хосми, деган савол туғилиши мумкин. Кўриниб турибдики, шу масалага чуқурроқ ёндашиб, айрим тушунчаларни баён этиш эҳтиёжи туғилмоқда. Аввало, оят ва ҳадисларда келган илмдан мурод диний илм ҳисобланади. Чунки бу илм Аллоҳ таоло ва Унинг расулини танитувчи илмдир. Бу илм ўз зотида гўзал ва фарз бўлган илмдир. Қолган илмлар эса ҳолат ва ниятнинг эътибори билан ибодат даражасига кўтарилиши мумкин. Бу худди Қуръон ва ҳадис илмини ўрганиш кабидир.
Дунёвий илмлар ҳам келажакда халққа манфаат етказиш, фойда келтириш, касбдан топган пулини ҳалол ишларга сарфлаш мақсадида ўрганилса, ибодат ҳисобланади. Акс ҳолда маълумотдан бошқа нарса саналмайди. Шунга кўра дунёвий илм ҳам баъзи вақт фарз, баъзида вожиб, баъзида (ношаръий ишларга олиб борадиган бўлса) ҳаром бўлади.
Уломолар дунё тургунча туради, гарчи ўзлари бўлмасалар-да, қалбларда сиймолари яшайверади. Чунки амалнинг фойдаси фақат кишининг ўзига. Илмнинг манфаати эса, ўзига ва бошқаларга. Демак, илм амалдан афзал экан, чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга кўпроқ манфаати тегадигани ”, деганлар. Яна ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда садақа қиладиган нарсанинг энг афзали илм ўрганмоғи. Сўнг уни бошқаларга ўргатмоғи”, дедилар. Бинобарин, бу ҳақда ҳадислар бисёрдир.
Азиз юртдошлар! Бугун уйда қолиб фарзандларимизга эзгуликдан, одамийликдан сабоқ берайлик ва илм олишга даъват қилайлик. Тил ўрганиш, фанларни чуқур ўзлаштириш, ўз қобилиятларини ривожлантиришда ёрдам берайлик. Ўзимиз ибрат намунасини кўрсатайлик. Сабрли бўлайлик. Ҳали бу кунлар ортда қолади, гўдакларнинг кулгусига тўлган нурафшон кунларни яна қаршилаймиз, иншооллоҳ. Агар бу катта синовдан илмимиз янада бойиб ўтсак, нур устига аъло нур бўлгай.
Сайфиддин АҲМЕДОВ,
“Абу Хурайро” масжиди имом ҳатиби.