Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
МЎЪЖАЗ МАКТАБ МЎЖИЗАСИ
×
2021-10-05 16:00:52 514
Эшонтўпи қишлоғидаги 12-мактаб довруғи вилоятда чиқиб, республикага таралган. Бу бежиз эмас. Жамоа эришаётган ютуқлар мактабни машҳур қилди. 415 нафар ўқувчига сабоқ берувчи 31 нафар ўқитувчининг 7 нафари халқ таълими аълочиси. Бу йил мактабни тамомлаган 30 нафар битирувчининг 20 нафари ОТМ талабаси бўлди. Бу ҳаммаси эмас: Мактаб директори Облоёр Ўрмонов 2020-2021 ўқув йилидаги мактаб битирувчиларининг 50 фоизидан кўпи ОТМга киргани учун вилоят ҳокими Х.Бозоров томонидан фахрий ёрлиқ ва компьютер жамланмаси билан тақдирланди. Бошланғич синф ўқитувчиси Мавжудахон Жўраева “30 йилликка 30 мукофот” танлови ғолиби сифатида, ХТВнинг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нигорахон Иброҳимова “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади. Мактабнинг собиқ битирувчиси Учқунбек Хурсандов спортнинг кураш тури бўйича Қозон шахрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлиб, Президентимиз томонидан 15 млн. сўм, туман ҳокими томонидан телевизор билан тақдирланди. 11-синф ўқувчиси Тохирбек Тожалиев спортнинг кураш тури бўйича вилоятда ўтказилган чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олди. Бугун туман ҳокими Дилшоджон Джалилов бошлиқ бир гуруҳ раҳбарлар “Устозларга эҳтиром ҳамиша ҳар жойда” тадбирида иштирок этишиб, мазкур мактабдаги мукофотларни эгаларига топширишди. Тадбирда иштирок этган жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Раҳматжон Арапов: –Иш фаолиятим давомида Эшонтўпидан бирорта жиноий иш кўрилмади, – деди. – Бугун бунинг сабабини англаб етдим. Эшонтўпиликлар меҳнаткаш бўлиши билан илмга чанқоқ экан. Вақтларини илм олишга сарфлашаркан. Ҳа, суд раисининг гапида жон бор. Бу мўъжаз мактаб мўжизаси, десак муболаға бўлмайди. Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ. ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ