Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР
2020-08-06 16:17:35 836
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинган. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни тизимли давом эттириш мақсадида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ.
Айниқса, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклиги қайд этилди. Ҳозирда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 16 таси интизомий жавобгарликка тортилди.
Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Мисол учун, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.
Маълумки, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди.
Энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.
Яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетган. Хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.
Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.
– Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари давлат раҳбари мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Юқоридаги масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланиб, видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар амалиётга тадбиқ этилиши белгиланди.