Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
УСТА ДЕҲҚОН ХОНАДОНИДА
2022-03-10 08:47:52 393
Такалик қишлоғи азалдан уста деҳқонлари билан ном чиқарган. Бу ерда етиштирилган полиз, сабзавот маҳсулотларининг довруғи вилоятимиздан ташқарига ҳам таралган. Кейинги йилларда қишлоқда иссиқхонага эътибор кучаймоқда. Бу ерда иссиқхонадан йил давомида фойдаланадиган уста деҳқонлар бор. Неъматжон Валиев ана шундай ўз ишининг усталаридан саналади. Унинг хонадонида 3 сотиҳ ерда исмалоқ гуркираб ривожланяпти. 2 сотиҳдан иборат иссиқхонада эса помидор кўчатлари етиштирилмоқда.–Исмалоқ уруғини сентябрь ойининг охирларида очиқ майдонга сепганмиз, – дейди деҳқон. – Токи совуқ кунлар бошлангунча у ерга мустаҳкам ўрнашиб олади. Дастлабки ҳосилни Фарғона, Марғилон шаҳарларига олиб бориб, сотдик. Исмалоқнинг яхши хусусиятларидан бири, томирига зарар етказмай қирқиб олсангиз, яна ўсиб чиқаверади.Иссиқхонага кирарканмиз, бир неча минглаб қоғоздан қилинган стаканчаларда яшнаб турган помидор кўчатларини кўриб, хонадон эгаларининг меҳнатга чидамли инсонлар эканликларига яна бир бор амин бўлдик.– Помидор уруғининг 100 граммини 1 миллион 200 минг сўмга олиб, январь ойининг охирларида 50 та яшикка сепгандик, – дейди Неъматжон ака. – Уруғлар ниш уриб қолганидан бошлаб, кечаю кундуз парвона бўлдик. Кейин қоғоздан стаканчалар ясаб, бирма-бир кўчатчаларни жойлаб чиқдик. Мана шу иссиқхонада 55 мингта стаканчада кўчат бор. Апрель ойида бу кўчатларни сотувга чиқарамиз. Донасини 250-300 сўмдан сотишни мўлжаллаб турибмиз. Қишлоқни айланиб, Мустаҳкам дўстлик маҳалласида одамларда иссиқхонага қизиқиш ортиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Бу одамларимизда меҳнатга, фаровон яшашга иштиёқ баландлигидан нишона.
И. КАРИМОВ,
Р. ШОДМОНОВ.
ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ